Бугун, 19 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири маъқулланди.

«Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири 8 та боб ва 48 та моддадан иборат бўлиб, амалдаги Қонуннинг барча моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган, бундан ташқари, яна 32 та янги модда қўшилган.

Давергеодезкадастр қўмитаси расмий телеграм саҳифасида маълум қилишича, қонун билан соҳада қатор ўзгаришлар қилиниши мақсад қилинмоқда.

«Қонун қабул қилиниши билан иқтисодиёт тармоқлари учун геодезия ва картография фаолиятини амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилади ва амалиётда қонуннинг тўғридан тўғри ишлаши таъминланади;

Бундан ташқари, геодезия ва картография фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш органлари бўлган Вазирлар Маҳкамаси, Давергеодезкадастр қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланади», - деб ёзмоқда Давергеодезкадастр қўмитаси.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва давлат ташкилотлари томонидан яратилган маҳсулотларга муаллифлик ҳуқуқлари ўрнатилади ва яратилган маҳсулотлар тизимли ҳисобга олинади, фойдаланувчиларга маълумот тақдим қилиш соддалаштирилиши ҳам кутилмоқда.

Маълум қилинишича, энди геодезия ва картография фаолиятида сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш, рақамли технологиялар ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини жорий этиш ҳам янги босқичга чиқади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонуннинг қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб қилмайди.